Бугунги ёшлар – мамлакатимиз келажагининг пойдевори. Уларнинг ҳар томонлама етук ва маънавий баркамол инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш нафақат ота-она ва таълим-тарбия муассасаларининг, балки ҳар бир онгли инсоннинг, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларининг ҳам зиммасидаги масъулиятли бурчидир. Шу боис, мамлакатимизда қуйи бўғин раҳбарларидан тортиб, давлатимиз раҳбаригача ёшларни юксак маънавиятли, халқпарвар, ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялаш борасидаги саъй-ҳаракатларда ҳамиша бирдамдирлар.
Амударё туманида ҳам энг чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи уюшмаган ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёзги таътил пайтида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг қизиқишларини рағбатлантириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишда замонавий инновацион услубларни қўллаш, турли мавзуларда давра суҳбатлари, “Уч авлод учрашуви” мавзусида самимий мулоқотлар ташкил этиш, кўнгилочар концерт дастурлари ўтказиш орқали ёшларга кўтаринки кайфият бағишлаш, иқтидорли ёшларни тўгаракларга жалб этиш каби кенг қамровли тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, “Ёшлар ойлиги” доирасида туманнинг 4-сектори ҳудудидаги мактабларнинг бир гуруҳ ўқувчилари учун сектор раҳбари Айдос Сейитов томонидан Амударё тарихий-ўлкашунослик музейига саёҳат уюштирилди.
Ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътил даврини мароқли ўтказишлари, қораверса, улар қалбида она Ватанга муҳаббат, миллий-маънавий қадриятларга ҳурмат туйғусини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган саёҳат Амударё туманнинг Хотира майдонидаги рамзий Хотира китоби билан танишишдан бошланди. Ўқувчи-ёшлар рамзий Хотира китоби саҳифаларида исм-шарифлари қайд этилган, иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ватандошларимиз ҳурмати учун сукут сақлаган ҳолда ҳар бир саҳифа билан яқиндан танишдилар, қаҳрамон боболари билан фахрландилар.
Шундан сўнг, ўқувчи-ёшлар Хотира майдонида қад ростлаган “Мотамсаро она” ёдгорлигини зиёрат қилдилар ва тарихчи-ўлкашунос Шавкат Чоршамов раҳбарлигида Амударё тарихий-ўлкашунослик музейи экспонатлари билан яқиндан танишдилар. Айниқса, музейда ташкил этилган амударёлик ижодкорлар қаламига мансуб китоблар жамланмасидан иборат мўъжаз кутубхона ўқувчи-ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек қадимий тангалар, уй-рўзғор анжомлари, Аму аёллари кийган миллий либослар ва тақинчоқлар, туманимиз ҳудудидан топилган турли даврларга мансуб археологик ёдгорликларни ўқувчи-ёшлар қизиқиш билан томоша қилиш баробарида қадим аждодларимиз ҳаёти ҳақидаги тасаввурларга эга бўлдилар.
Шавкат Чоршамов саёҳатчи ёшларга ҳар бир экспонатнинг тарихи ва уларнинг қадим аждодларимиз ҳаётида тутган ўрни, бугунги кундаги миллий-маънавий қадри, яъни миллий ўзликни англашдаги жуда катта аҳамияти хусусида батафсил сўз юритди ва саёҳатчи-ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Хотира майдони ва тарихий-ўлкашунослик музейига уюштирилган саёҳат ёшларда катта таассуротлар қолдилар.



