4 349,4 млн.сўм тадбиркорлар ихтиёрида қоладиган бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрель кунги “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5087-сонли қарорига асосан, 2021 йил 1 май ҳолатига шаклланган ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди. Дебитор қарздорлик вужудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳисобланадиган бўлди.

Шунингдек, чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспортёрлар ва «эркин муомалага чиқариш» божхона режимида товарларни олиб кириш ва расмийлаштириш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатишни ўз вақтида таъминламаган импортёрларга қонунчиликда белгиланган жарима миқдорлари икки бараварга камайтирилди.

Ушбу қарор билан берилган имтиёзлар натижасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2021 йил 1 май ҳолатига 69 та корхоналарнинг 85 та ташқи савдо шартномалари бўйича қўлланилиши мумкин бўлган 413 341,1 АҚШ доллар, яъни 4 349,4 млн.сўмлик жарималарни қўллаш тўхтатилди.

Бунинг натижасида ушбу корхоналар ихтиёрларида шунча маблағ қолдирилди ҳамда дебитор қарздорлик вужудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳисобланиши натижасида қўшимча 60 банк кун, 180 кун ва 365 кун муддатлар оралиғида корхоналар томонидан хорижий ҳамкорлари билан ўзавро ҳисоб-китоб қилишлари ва дебиторлик қарзларини ундириш учун қўшимча имконият яратилди.

ҚР ДСБ Матбуот хизмати