Раҳбар ходимнинг аризасини инобатга олиб корхона ҳисобидан унга кўрсатилган тиббий хизмат ҳаққини тўлаш юзасидан буйруқ чиқарди ва тўлаб берди. Бундай ҳолларда корхона ходимида ва корхонада қандай солиқ оқибатлари пайдо бўлади?
✅– Ўз ходимларига ҳамда уларнинг болаларига амбулатория ва (ёки) стационар тиббий хизмат кўрсатилганлиги учун иш берувчи томонидан тўланган суммалар, шунингдек иш берувчининг даволашга ҳамда тиббий хизмат кўрсатишга, ногиронлик профилактикаси ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг саломатлигини тиклашга доир техник воситаларни олишга оид харажатлари. Ходимларни даволаганлик, уларга тиббий хизмат кўрсатганлик учун иш берувчилар томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларига нақд пулсиз ҳақ тўланган тақдирда, шунингдек соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан ёзиб берилган ҳужжатлар асосида ушбу мақсадлар учун мўлжалланган нақд пул маблағлари бевосита ходимга, ходим йўқлигида эса – унинг оила аъзоларига, ота-онасига берилган ёки мазкур мақсадлар учун мўлжалланган маблағлар ходимнинг банкдаги ҳисобварағига киритилган тақдирда, бу даромадлар солиқ солишдан озод қилинади (Солиқ кодексининг 378-моддаси 3-банди). Яъни иш берувчининг стационар ва амбулатор тиббий хизмат кўрсатиш учун харажатлари ходимнинг моддий наф тарзидаги даромадларига киради (Солиқ кодексининг 376-моддаси 1-қисми).
Уларга қуйидаги солиқлар солинмайди:
► Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (Солиқ кодексининг 378-моддаси 3-банди);
► Ижтимоий солиқ (Солиқ кодексининг 403-404-моддалари);
► Корхона учун ушбу харажатлар фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш чоғида чегирилмайди (Солиқ кодексининг 317-моддаси 3-банди). Қуйидаги ҳолларда жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича имтиёздан фойдаланишга ҳақлисиз:
● ходим ва унинг болаларига тиббий хизмат кўрсатиш учун маблағлар тўланган ва сарфланган бўлса;
● харажатлар суммасига доир ва улардан мақсадли фойдаланилганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса.
Бу ҳолда ёрдам миқдори нормага солинмагани сабабли, у қанча миқдорни ташкил этишидан қатъи назар, солиқ имтиёзларини қўллашингиз мумкин.
Тиббий хизмат ҳақи тўланишига асос бўлган соғлиқни сақлаш ташкилотларининг ҳужжатлари маблағ тўланган санадан аввалроқ расмийлаштирилган бўлиши керак.



